Олис ҳудудлар аҳолиси билан мулоқот
Олис ҳудудлар аҳолиси билан мулоқот

 

Сайловчилар билан бу галги учрашувларимиз Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош олис ҳудудидаги пурвиқор тоғлар бағридаги Шоҳимардон қишлоғи фуқаролари билан бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида қишлоқда жойлашган мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, оилавий поликлиника ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Аҳолини ўйлантираётган муаммолар, уларнинг талаб, таклифлари юзасидан ўзаро фикр алмашдик.

Қайд этиш керак, ўтган йиллар давомида Шоҳимардон қишлоғи аҳолисига зарур шароитларни яратиш борасида давлатимиз томонидан катта ишлар амалга оширилди. Аҳоли бандлигини, даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш учун барча мавжуд имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, кўрилган чора-тадбирлар натижасида сўнгги йилларда ҳудудда ички туризм янада ривожланди. Шоҳимардонни аввалги ҳолига қайтариш, керак бўлса, йилнинг тўрт фаслида ҳам туристлар оқимини таъминлаш йўлида бугунги кунда ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда.

Тўғрисини айтиш керак, илгари шоҳимардонликлар билан гаплашсангиз, шароитдан кўп нолир эди. Бугун эса уларнинг юзларида қувонч, бизни мамнуният билан қаршилашди ва охирги йиллардаги ўзгаришлардан хурсанд эканликларини билдирдилар. Ҳудудда муносиб турмуш шароитини яратишга катта меҳнат сарфланганини шоҳимардонликлар яхши тушунадилар, буни улар қадрлайдилар ва ҳаётдан рози эканликларини алоҳида таъкидлашади.

Инсон ҳаёт экан, эртаси бугунидан-да яхшироқ бўлишини истайди. Бу – табиат қонуни. Шу маънода, олганда қишлоқ аҳли билан ўтказган учрашувларда айрим камчилик ва муаммолар мавжулдиги ҳамда уларни ҳал этиш зарурлиги юзасидан ўз таклифлар билдирилди. Жумладан, Шоҳимардон ҳамда Ёрдон қишлоқларидаги мактабларда спорт майдончаси қуриш, тиббий шифохона қошида туғруқ бўлимини очиш, қўшимча иш ўринларини яратиш каби масалалар илгари сурилди.

Албатта, билдирилган таклифларни ваколатимиз доирасида мутасадди идораларга олиб чиқиш, уларни ҳал этиш чораларини кўрамиз. Чунки, мақсадимиз – сайловчилар ишончини оқлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишдир.

 

Дилбар Мамажонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш