Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани Мулкобод маҳалла фуқаролар йиғини Мустақиллик кўчаси, 61-уйда яшовчи фуқаро, 1-гуруҳ ногирони О.Жумабоеванинг 2021 йил Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашига, уй -жой ва васийликка фарзанд олиш ҳамда саломатлигини тиклаш учун (етти минг АҚШ доллари миқдорида) моддий ёрдам сўраб қилган оғзаки мурожаати тегишли тартибда такрор ўрганиб чиқилди.
Мурожаатчи Ойдинахон Жумабаеванинг турмуш ўртоғи мавсумий ишда ишлайди, моддий томондан қийналган, фарзанди йўқ, дори- дармон олишда ҳамда яшаб турган уйини таъмирлашда амалий ёрдам сўраган.
Ўрганиш юзасидан Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят ва Мингбулоқ туман кенгаши ходимлари, “Мулкобод” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари билан биргаликда мурожаатчининг хонадонига борилди. О. Жумабоева “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, 490 000 сўм миқдорда бир марталик пул маблағи берилган. Шунингдек депутатлар кўмагида Мингбулоқ туманидаги Хоразм ММТПга қарашли “Каримжон Абдуқаххарович” фермер хўжалигидан ғалладан бўшаган ер майдондан 25 сотих такрорий экин экиш учун ер ажратиб берилган эди. Далага мош экиб, топилган даромадга қурилиш моллари олинган ва ҳашар йўли билан уй солинган.
Ойдина Жумабоеванинг такрорий мурожаатида тикланган уйининг том қисмини ёпиш учун шифер олишда амалий кўмак сўралган эди.
Мурожаат юзасидан Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ходимлари, Вилоят кенгаши депутати Мавлудахон Махкамова, туман кенгаши депутати Нигора Нишоновалар иштирокида Мингбулоқ тумани “Шохи Жалил” жомеъ масжиди имом хатиби Анваржон Мирзаев билан Ойдина Жумабоевага амалий ёрдам бериш буйича учрашилди. Натижада ҳомийлик асосида шифер олиб берилди. Депутатларнинг таклифига биноан маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бу йил ҳам такрорий экин экиш учун 15 сотих ер ажратиб берилди.
Мавлудахон Махкамова,
Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати.