Наманган вилоят маданият марказида Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ва Вилоят маданият маркази ҳамкорлигида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан маданий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП вилоят, шаҳар-туман кенгашлари масъуллари ва партия аъзолари бўлган фаол Хотин-қизлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров, Вилоят Кар-соқовлар жамияти аъзолари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари иштирок этди.
Дастлаб, байрамни очиб бериш ҳамда табрик учун сўз Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Илхомжон Атабаев ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темировларга берилди. Улар вилоятдаги кўпминг сонли партиядошларимиз номидан барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни эзгулик ва гўзаллик байрами 8 март — Хотин-қизлар куни билан самимий табриклашди. Бугунги кунда ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эгалиги, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, сиёсий-иқтисодий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилаётганликларини алоҳида эътироф этдилар.
Вилоят маданият маркази қошидаги Эвилена Гнездилова раҳбарлигидаги “Шўх қизлар” намунали болалар рақс жамоаси томонидан байрам тадбири учун тайёрланган концерт дастури тадбирга кўтаринкилик бахш этган бўлса, истеъдодли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.
Тадбир якунида Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларига хайрихоҳ бўлган “Шўх қизлар” намунали болалар рақс тўгараги раҳбари Эвилена Гнездилова партия аъзолик сафига қабул қилинди ҳамда тўгарак қизларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров, Вилоят партия кенгаши раиси Илхом Атабаев томонидан байрам совғалари берилди.