Ўзбекистон Халқ демократик партияси Янгиқўрғон туман кенгаши ташаббуси билан “Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш мақсадида “Аёллар билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида амалий тадбир ташкил этилди. Унда партия вилоят, туман кенгашлари масъуллари, маҳалла мутасаддилари ва фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар хусусида батафсил маълумот бериш билан бошланди. Шундан сўнг ўзини ўзи банд этган аёллар фаолияти билан танишиш бошланди. Дастлаб Раҳима Усмонованинг хонадонига борилди. Унинг келини Фотима Исоқова ҳамшира мутахассислигига эга, лекин иш йўқлиги учун уйда ўтирган эди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фотима Эргашева бу ҳақда туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат этиб, Фотимани ўзи яшаётган маҳаллага патронаж ҳамшира бўлиб ишга жойлашишига ёрдам берди.
– Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашда “Aёллар дафтари” жуда қўл келмоқда, – дейди “Қорасув” МФЙ раиси Фотима Эргашева. – Маҳалламизда дафтарга киритилган хотин-қизларнинг сони дастлаб 31 нафар бўлган бўлса, кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг муаммолари ҳал этилиб, дафтардан чиқарилди ва ҳозирда “Аёллар дафтари”да турганлар сони 13 нафарни ташкил этмоқда. Шу кунларда уларни ҳам бандлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўряпмиз.
Ушбу маҳаллада яшовчи Ҳабибахон Усмонованинг хўжалигида уч оила яшайди. Ўғли ва келини 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, лимон ва саримсоқ пиёз етиштиришга ихтисослаштирилган 6 сотихли иссиқхонада ўзини ўзи банд этиб келмоқда. Келин “Аёллар дафтари” рўйхатига олинганига қарамай, ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, ўзини ўзи банд этгани эътиборга моликдир.
Ўтган йили имтиёзли кредит эвазига ҳовлисида 2 сотих ер усти, 2 сотих ер ости иссиқхонасини ташкил этган Марямхон Мирзабоева ҳам ўз-ўзини банд этган аёллардан.
– Лимон етиштиришга ихтисослаштирилган ер ости иссиқхонамиздан бир йилда 2 тонна ҳосил олиб, мижозларга етказиб бердик, – дейди Марямхон Мирзабоева. – Ўзимни ўзим банд этишимнинг асосий сабаби, 2009 йилда туғилган фарзандим Ахрорбек 1-гуруҳ ногирони. Якка тартиб асосида уйда таълим олади. Шу сабаб уйда фарзандимга қарайман, дарсларини тайёрлашига кўмаклашаман ва оиламиз даромадига ҳам уйдан чиқмаган ҳолда ҳисса қўшяпман.
Тадбир иштирокчилари ўзини ўзи банд қилган аёллар фаолияти билан танишиш жараёнида излаган имкон топишига, аҳоли боқимандалик кайфиятидан халос бўлиб бораётганига амин бўлдилар.
Тадбир якунида партиянинг дастурий мақсадларига хайрихоҳ бўлган хотин-қизлардан бир гуруҳи Ўзбекистон ХДП аъзолигига қабул қилинди.
Сарвиноз ЭШАЛИЕВА,
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши сектор мудири.