Мамлакатимиз аҳолисининг 49,8 фоизини ташкил этаётган хотин-қизларнинг 49,3 фоизи қишлоқ жойларда яшайди. Давлатимиз томонидан берилаётган катта имтиёз ва имкониятлар туфайли барча соҳаларда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. Ижтимоий фаол хотин-қизлар сони кўпайиб, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъатдан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салмоғи ортиб боряпти. Хусусан, буни аграр соҳа мисолида оладиган бўлсак, республикамизда 6 мингга яқин фермер хўжалигига аёллар раҳбарлик қилиб келаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Жамиятда аёллар ўрнини янада мустаҳкамлаш, касбий маҳоратини юксалтириш, иқтисодий, ҳуқуқий, касбий билим доираларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бу борада қонунчилик асослари мустаҳкамланмоқда. Мухтасар айтганда, хотин-қизларнинг ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилиш, рўёбга чиқариш ислоҳотларнинг муҳим бўғинига айланди.
Фарғона туманидаги Ҳунармандлар марказида партиямиз фаоли Садоқат Мирзаева томонидан аёллар учун ўтказилган психологик семинарда юқоридагилар ҳақида сўз юритилди. Тадбирда партия туман кенгаши раиси Бумайрам Собирова, туман хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Ҳамидахон Абдуғаниева, психолог Мадина Мирзалиева ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этди.
Семинар давомида аёлнинг жамиятдаги ўрни юзасидан тадбир иштирокчилари ўртасида интерфаол ўйинлари ташкил этилди. Бу билан уларнинг мамлакатимизда хотин-қизлар сиёсатидан қанчалик хабардорлиги ўрганилиши баробарида бу борадаги билимлари ҳам оширилди.
Тадбир якунида бир гуруҳ хотин-қизлар партия сафига қабул қилинди.
Мунира Исомова,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими.