Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятига қизиқиш, айниқса, ёшлар орасида тобора ортиб бораяпти. Яқинда навоийлик яна бир гуруҳ ёшлар партияга аъзо бўлди. Улар орасида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Назокат Муҳаммедова ҳам бор. Биз унинг фикрлари билан қизиқдик:
– Қандайдир масалани ечиш учун турли хил фикрларнинг билдирилиши, таклифлар баён этилиши демократиянинг муҳим белгиларидан биридир. Тасаввур қилинг, ўз фикрингизни, таклифингизни ҳимоя қилиш, баҳсга кириши, тортишувлар, муносабат билдириш, турли позицияларнинг илгари сурилиши бу жуда қизиқ жараён. Яна бир аҳамиятли томони бу муаммони ҳал қилиш, энг тўғри йўлни танлаб олишга хизмат қилади.
Ана шундай фаол ҳаёт тарзига қизиққанлигим учун келгусида сиёсатчи, депутат бўлишни орзу қиламан. Бунинг учун сиёсий партия сафида туриб, сиёсий-ҳуқуқий билимимни, фаоллигимни ошириб боришни мақсад қилганман. Узоқ вақт кузатувлардан сўнг, фикрларим ғояларига мослиги сабабли Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлдим.
Партиянинг янги Сайловолди дастури, мақсад ва вазифалари билан танишар эканман, қизиқишларим, орзуларимга эришиш ишончи янада мустаҳкамланди.
Партиянинг янги Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар, хусусан, “Яшаш минимуми” ва “Истеъмол саватчаси” тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати тўғрисидаги таклифлари менга жуда маъқул бўлди.
Шунингдек, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлари ЎзХДПга бўлган интилишимни янада оширди.
Энди мен бор кучим, салоҳиятим билан ўзим аъзо бўлган партиянинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиламан. Мамалкатимиздаги йирик партия аъзоси эканлигимдан фахрланаман.
Назокат Муҳаммедованинг фикрларини тинглаб, сафимизда ана шундай интилувчан йигит-қизлар борлигидан, очиғи, қувондик. Бундай фаол ёшлар ЎзХДПнинг ҳақиқий таянчи ва суянчидир.
Хуршида НАРЗИЕВА,
ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.