Депутат ёрдами билан...
Депутат ёрдами билан...

 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларига Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра ҳудудлардаги аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун 2 млрд сўмдан ажратилиши белгиланган эди.

Депутатлар томонидан бу маблағлар давлат дастури ва инвестиция лойиҳаларига киритилмаган, лекин ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар, масалан, оилавий поликлиникаларни тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш, умумтаълим, мактабгача таълим даргоҳларининг моддий техник базасини яхшилаш, кўп қаватли аҳоли турар жойларига спорт майдончалари қуриш ёки қайта реконструкция қилишга йўналтирилмоқда. Хусусан, ушбу маблағ эвазига партиямиздан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нигора Эшметова кўмагида пойтахтимиздаги 442-кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТМга болалар ўйингоҳи ва мини футбол майдончаси қуриб берилди.

Муассаса ходимларининг таъкидлашича, мазкур муассаса кўп йиллардан буён эътибордан четда қолиб келган. Шундоқ ҳам кўнгли кемтик болажонлар, бошқа тенгқурлари сингари қулай майдончаларда ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлган. Қиймати қарийб 148 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилиши натижасида энди улар замонавий болалар майдончасига эга бўлдилар.

50-Минор сайлов округининг  "Марказ 5" ҳудудида жойлашган 65-70-71 уйлар оралиғида янги қурилиб фойдаланишга топширилган болалар учун ўйингоҳ  ҳамда катталар учун воркаут марказларининг холатини бориб ўрганди.

Депутат ташаббуси билан 600 миллион сўм маблағ эвазига пойтахтимизнинг “Фирдавсий” маҳалласидаги 5-тор Қўрғон кўчаси ва “Қашқар” маҳалласидаги 5-сонли умумтаълим мактабга олиб борувчи йўл, 28-кўп қаватли уйнинг олд қисми йўллари таъмирланганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бундан ташқари, депутатнинг саъй-ҳаракати билан жами бўлиб 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ “Матонат” маҳалласи худудида болалар майдончаси, “Минор” маҳалласи ҳудудида болалар учун мини футбол майдончаси қурилиши ҳамда 50- ва 53-оилавий поликлиникалар ҳамда 4-сонли Фтизиатрия диспансерига компьютер техникалари сотиб олишга йўналтирилди.

“Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида Нигора Эшметова сайлов округи ҳудидадаги муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш чораларини кўришда давом этмоқда.

 

Жаҳонгир Олимов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш