Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан киритилган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларни ихтисослаштириш, бўш турган, захирадаги ва келгусида захирага олинадиган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун очиқ электрон танловга чиқариш бўйича лойиҳаларни тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ер майдонларидан унумли фойдаланиш борасида туман ҳокимлиги томонидан ғаллачилик йўналишида фаолият олиб бораётган 130 та фермер хўжалиги ва туман ер фонди захирасидаги 193 та контурда жойлашган 474 гектар ғалла майдони қисқартириш ҳисобига ажратиш ва очиқ электрон танловда 4740 та лот бўйича 4740 нафар фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, белгиланган ҳажмларда лотларга ажратиш, ихтисослашуви ва йўналиши, айниқса сув тақчилигидан келиб чиқиб, кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик йўналишларида очиқ электрон танловда иштирок этувчи шахслар доирасини белгилаш ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан, тупроқ, сув шароитлардан келиб чиққан ҳолда уларни “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида лотда иштирокини таъминлаш, фуқароларга ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритиш билан бир қаторда тегишлича сув лимити ажратилиши, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатларини шакллантириш, ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларни очиқ электрон танловларга фаол иштирок этишини таъминлаш борасида чора-тадбирлар белгилаб олинган. Шунинг билан бирга, ҳудудларда сув таъминоти бўйича эътирозлар кўпайгани ва аҳолининг реал даромади ва турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш талаб қилинмоқда.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашининг қарори қабул қилинди. Бу билан ер майдонларини белгиланган ҳажмларда лотларга ажратиш, ихтисослашуви ва йўналиши, айниқса кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик ва бошқа йўналишларда очиқ электрон танловда иштирок этувчи ёшлар, хотин-қизлар доираси бўйича номма-ном аниқ таклифлар тайёрлаш ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан, тупроқ, сув ва бошқа табиий шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда “Бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида лотда иштирокини таъминлаш, дафтарларда рўйхатда турган деҳқон хўжалиги ташкил этиш истагида бўлган фуқароларини очиқ электрон танловларга фаол иштирок этишларига ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари белгилаб берилди.
Ўзбекистон ХДП Янгиқўрғон туман кенгаши