Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашида «Халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишда асосий бўғинга айлантириш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари, минтақавий партия кенгашлари масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Кун тартибидаги мавзу бўйича Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурот Юсупов сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган халқчил ислоҳотлар узвий давом эттирилгани, хусусан, ҳужжат ўзида бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда еттита йўналишни жамлагани, шу билан бирга, ҳар бир йўналишда белгилаб берилган вазифаларни бажаришга қаратилган юзга яқин мақсадларни мужассам топганлиги билан ҳам аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Бу борада, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари олдида турган муҳим вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Мавзу бўйича Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нигора Эшметова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиникаси бош шифокори Муқаддас Рахматиллаева, халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутати Музаффар Мамаюсупов сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати