Оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этади. Шу сабабдан аждодларимиз оилага катта эътибор билан қарашган. Аҳмад Югнакий, Маҳмуд Қошғарий, Беруний, Ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий каби буюк аждодларимиз ўз асарларида оилавий масалалар ҳақида қимматли фикр-мулоҳазалар битганлар.
Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда оилани ривожлантириш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва янада бойитиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада юртимиздаги ҳар бир оиланинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, муносиб турмуш шароитини яратиш, оила фаровонлигини ошириш, мухтасар айтганда, ҳар бир оила маънавий соғлом, бахтли ҳаёт кечиришини таъминлаш учун тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах шаҳар кенгаши партия депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳалима Негматованинг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жиззах вилояти Қўриқлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида хизмат қилаётган ходимларнинг оила аъзолари билан “Фаровон оила – жамият равнақи” мавзусида ўтказган маънавий-маърифий тадбирида юқоридагилар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунинг билан бирга, мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, ватанга садоқатли ўғил-қизларни вояга етказиш, ёшларнинг таълим-тарбия олишлари, спорт билан шуғулланишлари ва санъат соҳасида қобилият ва истеъдодларини юзага чиқариш учун яратилган шароитлар ҳақида сўз юритилиб, бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ХДП Жиззах шаҳар кенгаши