Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

 

Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида фаол ташқи сиёсат юритмоқда ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантирмоқда. Айниқса, пандемия ва глобал инқирозли хавф-хатарлар даврида ҳам мамлакатимизнинг минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантиришда давом этаётгани этибор моликдир.

Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий вазифаларидан бири – ўз ҳудуди атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қўшни – Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ташқи сиёсайтимизнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Тошкентда бўлган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов билан бўлган учрашувида ушбу масала алоҳида таъкидланди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Юқори мартабали меҳмон қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Туркманистон етакчисининг барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётган Туркманистон-Ўзбекистон алоқаларига юксак баҳо берилган мактубини топширди.

Унда Туркманистон раҳбари икки мамлакатнинг халқаро сиёсат ва минтақавий муносабатлар борасидаги позициялари яқин ва ўхшашлигини алоҳида қайд этган. Учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги кооперация лойиҳаларини рўёбга чиқариш ҳамда икки мамлакат транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ва бу борадаги амалий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.

Икки қардош давлат ўртасидаги яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, бу борада янги имкониятлардан фойдаланиш халқларимиз ҳаётининг фаровонлигига, тараққиёт ва ривожланишга муҳим ҳисса қўшади.

 

Нуриддин ХОЛМАТОВ,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш