Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида депутатлар  «Почта алоқаси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Фракция йиғилишида қизғин муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Президентнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “йўл харитаси”нинг 2-бандига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қайд этиш керак, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши назарда тутилган.

Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2157-модда ҳамда 24510-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Таклиф этилаётган 2157-моддада давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик сифатида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилиш тартибига риоя этмаслик, маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки уларни очиқ маълумотлар порталига ҳамда расмий веб-сайтларга жойлаштиришнинг белгиланган муддатларига амал қилмаслик ҳолатлари назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг 24510-моддасида мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ваколатига эгалиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг очиқлик борасида белгиланган мажбуриятларни бажаришдаги масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.

 Фракция йиғилишида кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари партия нуқтаи назари ва электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда маъқулланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятига доир масала ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш