Фаол депутат, пешқадам фермер
Фаол депутат, пешқадам фермер

“Дўстлик” ордени соҳибаси Гулхумор Тоғаева нафақат Учқўрғон, балки вилоятдаги фаол аёллардан, пешқадам фермерлардан ҳисобланади. Бугунги кунда у  киши раҳбарлик қилаётган “Гулхумор” фермер хўжалиги ва унга қарашли субъектларда 700 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда.

Хўжалик ўтган мавсумда 400 гектар ерга ғалла ва 420 гектарга пахта экилган бўлса, ҳар гектардан ҳосилдорлик пахтадан 41 центнер ва ғалладан 75 центнерни ташкил этди. 10 гектар бўш ерда барпо этилган интенсив боғдаги деҳқончилик ҳам барака келтирмоқда. Фермер хўжалигида етиштирилган сархил мевалар нафақат ички бозорга, балки хорижга ҳам етказиб берилмоқда. Жумладан,  жорий мавсумда қўшни Қозоғистонга 70 тонна олма экспорт қилинди.

Картошка, пиёз, сабзи каби сабзавотли экинлари эса 15 гектар майдонда парваришланиб, мўл ҳосил олинмоқда. Уларни сифатли, бир маромда сақлаш учун 100 тонналик сиғимга эга бўлган совутгич ўрнатилди. 50 сотихли иссиқхонанинг 26 сотихига лимон етиштирилмоқда. Шунингдек, иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодринг каби полиз маҳсулотлари эл дастурхонига етказиб бериляпти.

Уч юз гектардан ортиқ майдонда ташкил этилган чорвачиликда ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бу ерда 360 бош наслдор сигир парваришланиб, олинаётган сут истеъмолчиларга етказиб бериляпти.  

Фермер опа ишсиз маҳалладошларини бандлигини таъминлаш мақсадида асаларичиликни ҳам йўлга қўйган. Минг дардга дармон бўлувчи шифобахш неъматни етиштириш сир-асрорларини бугун ўрганаётган ёш ўғил-қизлар эртага асаларичиликкка қизиққан тенгдошларини ҳам эргаштириши шубҳасиз.

Гулхумор Тоғаева фермер хўжаликдан олинган даромад ҳисобидан ўзи истиқомат қилаётган «Янги ер» маҳалласи ҳудудида ишлаб чиқариш тармоқларини кенгайтириш ва бунинг ҳисобидан янги иш ўринларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Ҳудуд аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш мақсадида терапия ҳамда диагностикага ихтисослашган 46 ўринли хусусий шифохона ташкил этилиб, баҳоси 350 АҚШ минг доллари бўлган замонавий тиббий ускунлар билан жиҳозланди.

Опа нафақат фермер, балки ўз ҳудудидан Ўзбекистон ХДПдан халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайланган депутат сифатида аҳоли мурожаатларини ҳал этишга ҳам эътибор бериб келмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббус ижросига ҳамоҳанг равишда маҳалладошлари учун ўйингоҳ қуриб берди. Эътиборлиси, уй-жойга эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар учун қурилган 13 та котежнинг ойлик тўловларини амалга оширишни ҳам у киши ўз зиммасига олган.

Партиямиз сафида Гулхумор Тоғаева каби эл назарига тушган, халқнинг дард-ташвиши билан яшаётган инсонларнинг борлиги, албатта, бизга фахр бағишлайди. Истагимиз, бундай инсонлар сони сафимизда кўп бўлсин.

Сарвиноз Эшалиева,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят Кенгаши

хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири

← Рўйхатга қайтиш