Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон, тараққиёти бардавом бўлади. Шу боис мамлакатимизда хотин-қизларга муносиб шарт-шароитларни яратиш, уларни ҳаётдан рози бўлишларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хотин-қизларимиз ҳам жамиятнинг ҳар соҳасида ўз иқтидор ва қобилиятларини намоён этмоқдалар.
Бунга Ўзбекистон ХДП Норин туман кенгаши томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ҳамкорликда “Боявул” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган “Аёлларга кўмак” лойиҳаси давомида яна бир бор гувоҳи бўлдик.
Ушбу маҳаллада яшовчи 71 ёшли Гулойим Маҳмудова 2001 йил ўзининг хонадонида қарийб эллик сотих майдонда 20 хил цитрус (апелсин, лимон, мандарин, конковот) мевалар етиштиришга ихтисослашган иссиқхона барпо этиб, нафақат маҳаллани, балки туман аҳолисини ҳам мазали мевалар билан таъминлаб келмоқда.
Эътиборли жиҳати, маҳалла аҳолисининг 1150 нафарини хотин-қизлар ташкил этиб, улардан атиги 40 нафаригина мавсумий ишлар билан банд. Баҳор фасли бошланиши билан Гулойим Маҳмудова уйларида ўтирган 40 нафардан зиёд қўшни аёлларни иссиқхонада янги кўчатлар экиш, парваришлаш каби ишларга жалб этиб, уларнинг бандлигини таъминламоқда. Ҳозирги кунда йиллик даромади 350 миллион сўмни ташкил этаётган иссиқхонада етиштирилган цитрус мевалар Франция, Германия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Цитрус мевалар етиштириш бўйича Маҳмудовлар оиласининг тажрибаси бугунги кунда “Боявул” маҳалласининг 535 та хонадонидан 440 тасида оммалаштирилган. Гулойим Маҳмудованинг қизи Феруза Жуманова томонидан маҳалла фуқаролар йиғинида “Лимончилик мактаби” ташкил этилиб, унда маҳалладаги 80 нафардан зиёд бандлиги таъминланмаган ёшлардан тортиб, хотин-қизларгача цитрус меваларни кўчат шаклидан тортиб, ҳосил бергунига қадар парваришлаш сир-асрорлари ўргатилиши намунали ташкил этилаётганлигидан далолат беради. Бу оила ҳаттоки туманда бежиз “Энг ораста хонадон” деб эътироф этилмаган.
“Аёлларга кўмак” лойиҳаси давомида навбатдаги ўрганишлар Норин туманида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган 80 нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаётган уст (болалар, аёллар ва эркаклар) кийимларини тикишга ихтисослашган Ўзбекистон-Россия "Mir City" қўшма корхонаси бўлди.
– Туманда бизга рақобатдош корхоналар бор. Улардан қўшма корхонамиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг хилма-хиллиги ва эҳтиёжбоплиги билан ажралиб туради. Ўтган йилнинг март ойида “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим, – дейди корхона раҳбари, партия аъзоси Фотима Мирсайидова. – Бу фаолиятим давомида кўмакка муҳтож хотин-қизларни бандлигини таъминлаш орқали жамиятимиз ривожига оз бўлсада қўшаётган ҳиссамни эътироф этилгани, деб биламан ва келгусида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида фаоллик, ташаббускорлик асосий вазифаларимдан бири бўлиб қолади.
Қўшма корхонанинг иш юритувчиси Диана Файзутдинова ҳам аввал “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган ва ўтган йили мазкур фабрикага ишга қабул қилиниб, бандлиги таъминлангандан сўнг рўйхатдан чиқарилган.
– Икки нафар фарзандим бор. Ойига икки ярим миллион иш ҳақи оламан. Корхона томонидан ишчилар учун транспорт хизмати, иссиқ овқат ташкил этилган. Барча шароитлар яратилган, – дейди Диана Файзутдинова.
“Аёлларга кўмак” лойиҳаси давомида хотин-қизларнинг ижтимоий турмушини яхшилаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича барча имкониятлар бор, фақат ундан самарали фойдаланиш лозим, деган яна бир бор ўз исботини топди.
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.