Депутат – халқ хизматчиси
Депутат – халқ хизматчиси

 

Депутат одамлар дардини тинглаш, халқ меҳрини қозониш, ишончини оқлаш учун сайланади. Шу нуқтаи назардан, у халқ вакили сифатида аҳоли билан мулоқот қилиш, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши керак. Бунинг учун депутат сайловчилар ҳузурига тез-тез бориб туриши, доимий мулоқотда бўлиши лозим.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган шаҳар Кенгаши депутати Аюбхон Ғайбуллаев ўз фаолиятига шу нуқтаи назардан ёндашади ва сайловчилари билан тез-тез мулоқотда бўлиб туради. Депутатнинг аҳоли билан навбатдаги мулоқоти шаҳардаги 24-сонли умумтаълим ўрта мактабида бўлиб ўтди.

Учрашувда ЎзХДП вилоят ва шаҳар кенгашлари, Наманган вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, Наманган шаҳар Давлат солиқ инспекцияси, “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари иштирок этди.

Мулоқот давомида аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ва ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор масалалар кўтарилди. Жумладан, 24-сонли мактаб директори Фотима Нуритдинова томонидан таълим сифатини яхшилаш, битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Шунингдек юқори синф ўқувчиларини дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида “Депутат соврини учун” спорт мусобақасини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ХДП Хотин қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори томонидан ҳудуддаги отинойилар иштирокида “Эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари” мавзусида ҳар ойда давра суҳбати ўтказиш таклифи билдирилди.

– Мен математика фани ўқитувчисиман. Наманган туманидан мазкур мактабга қатнаб ишлайман. Ҳозирда ўзим яшайдиган Наманган тумани Навбаҳор шаҳарчаси, “Қўшчинор” маҳалласида “Дилбарой” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш орқали, 6 нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашдим ва ҳозирда мазкур МТТда 50 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Мақсадим, “Тараққиёт” МФЙ ҳудудида ҳам нодавлат МТТ ташкил этиш. Бугунги мулоқотда муассаса учун болаларга мўлжалланган мебель жиҳозлари жамланмаси билан таъминлаш бўйича мурожаат этдим ва улар томонидан мазкур мурожаатим бўйича масъуллар бириктирилди, – дейди тадбир иштирокчиси Лобар Шералиева.

Тадбир давомида маҳалла ҳудудида жойлашган “Раҳматилло тикув саноат” хусусий тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишилди. Ахатхон Муродов раҳбарлигидаги мазкур корхонада камзул, шим, куртка каби уст кийимлар тайёрланади. 25 нафар ёш ишчи билан фаолият бошлаган корхонада ҳозирги кунда 40 нафар ёш ишчи меҳнат қилмоқда. Корхонада ишчи-хизматчиларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Ёш тикувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ички бозордан ташқари, Қирғизистон, Тожикистон республикаларига экспорт қилинмоқда.

Тадбиркор депутатга хусусий корхона яқинидаги чиқиндихонани корхонани кенгайтириш мақсадида балансга олинишида амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Учрашувда фуқаролар томонидан кўтарилган барча мурожаатлар тегишли тартибда ҳал этиш учун депутат томонидан назоратга олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш