Сайловолди муҳим масалалар муҳокама этилди
Сайловолди муҳим масалалар муҳокама этилди

Мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов кампанияси тобора қизғин босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши томонидан партия Фарғона шаҳрида ташкил этилган семинарда сайловда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш вазифалари муҳокама этилди.

"Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш" мавзусида ўтказилган амалий ўқув-семинари давомида депутатликка номзодлар, уларнинг салоҳияти, ишчанлик қобилияти, ташкилотчилик ва ташаббускорлик имкониятлари тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўқув-семинарни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очиб, сайловдаги иштирокимизнинг ҳал қилувчи босқичи бошланаётганини таъкидлади. Бу эса партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари, бошланғич ташкилотлари, партия аъзолари ва фаоллари зиммасига катта масъулият юклайди. Сайловолди тадбирлар қизғин паллага кириб келаётган ҳозирги шароитда бу ишлар жуда муҳим, ғоят зарурлигини партиянинг ҳар бир фаоли чуқур англаб олиши зарурлигини қайд этди.

Шундан сўнг семинар иштирокчилар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини шакллантириш”, “Номзоднинг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш мавзуларида маърузалар тинглашди.

Таъкидландики, Халқ демократик партиясининг Сайловолди Дастури - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзоднинг ўз дастурини ишлаб чиқиш учун асосдир. Депутатликка номзоднинг сайловолди дастурида сайлов округидаги фуқароларни қизиқтираётган ҳаётий масалалар албатта, ҳисобга олиниши керак.

Ҳудудлардаги айрим муаммоларни фақат давлатнинг ёрдами билан эмас, балки сайловчиларнинг шахсий ташаббуслари орқали ҳал этиш имконияти бўлади. Жойлардаги муаммоларни Ўзбекистон ХДП Сайловолди Дастури билан таққослаб кўриш лозим. Депутатликка номзод ўз ҳудудида аҳолини ўйлантираётган масалалар, партия дастурида бу борада илгари сурилган ғоялар ҳамда сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни ҳисобга олиб ўз дастурини тузиши лозим. Агар номзод у ёки бу ҳолдаги амалий чора-тадбирларни таклиф қилса, у ҳолда иқтисодий асослашга доир бир-иккита рақамни изоҳи билан келтириши, шунингдек кутилаётган ижобий натижани очиб бериши даркор.

Семинарда иштирокчилари томонидан мавзу юзасидан савол-жавоблар, фикр–мулоҳазалар билдирилди. Унда номзоднинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Семинар сўнггида партия мақсад ва ғояларини кенг жамоатчиликка етказишдаги фидоийлиги ва ташаббускорлиги учун ўнлаб партия фаолларига Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг Фахрий ёрлиғи, Ташаккурномалари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

 

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш