Сиёсий партия сайловчилар манфаатини рўёбга чиқаришда депутатлар фаолиятига кўпроқ таянади. Албатта, бу борада маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари энг муҳим бўғин ҳисобланади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгашида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи ва қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари доимий комиссияси аъзолари томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларга яратиб берилаётган имкониятлар: мавжуд муаммолар ва таклифлар” ҳамда “Вилоят миқёсида ижтимоий объектларнинг пандуслар билан жиҳозланиши бўйича олиб борилган ўрганишлар” масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари, адлия бошқармаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши, вилоят ногиронлар ассоциацияси, вилоят қурилиш бош бошқармаси, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси масъуллари ҳамда қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари доимий комиссияси масъул ходимлари иштирок этди.
Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят партия Кенгаши гуруҳи раҳбари Баҳодир Каримовнинг 2021 йилнинг июнь-август ойларида вилоятдаги барча ижтимоий объектларнинг (Наманган шаҳар, Янгиқўрғон, Чортоқ ва Уйчи туманлари мисолида) пандуслар билан жиҳозланиши бўйича олиб борилган ўрганишлар бўйича ахбороти тингланди. Шунингдек, вилоят бўйича ўрганилган объектлар ва келгусидаги бино-иншоотлар қурилишида ногиронлиги бўлган шахсларга қулайликлар яратиш ва уларни давлат бошқарув органлари, ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши, жамоат транспортидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиш борасида хориж тажрибаси ва бугунги кунда вилоятдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими бўйича таклифлар билдирилди.
Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.