Кўнгли кемтик фарзандларимиз учун болалар майдончаси ва мини футбол майдончаси қуриб берилди (видео)

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларига Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра, ҳудудлардаги аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун 2 млрд сўмдан ажратилиши белгиланган эди.

Депутатлар томонидан бу маблағлар давлат дастури ва инвестиция лойиҳаларига киритилмаган, лекин ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар, масалан оилавий поликлиникаларни тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш, умумтаълим, мактабгача таълим даргоҳларининг моддий техник базасини яхшилаш, кўп қаватли аҳоли турар жойларига спорт майдончалари қуриш ёки қайта реконструкция қилишга йўналтирилмоқда.

Хусусан, куни кеча ушбу маблағ эвазига партиямиздан сайланган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нигора Эшметова кўмагида пойтахтимиздаги 442-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТМга қуриб берилган болалар майдончаси ва мини футбол майдончасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Муассаса ходимларининг таъкидлашича, мазкур муассаса кўп йиллардан буён эътибордан четда қолиб келган. Шундоқ ҳам кўнгли кемтик болажонлар, бошқа тенгқурлари сингари қулай майдончаларда ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлган. Қиймати қарийб 300 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилиши натижасида энди улар замонавий болалар майдончасига эга бўлдилар.

Болалар ўйингоҳининг очилиш маросимида сўзга чиққан муассаса ходимлари ва ота-оналар депутат Нигора Эшметовага алоҳида миннатдорлик билдиришди.

Депутат ташаббуси билан 600 миллион сўм маблағ эвазига пойтахтимизнинг “Фирдавсий” маҳалласидаги 5 тор - Қўрғон кўчаси ва “Қашқар” маҳалласидаги 5-сонли умумтаълим мактабга олиб борувчи йўл, 28-кўп қаватли уйнинг олд қисми йўллари таъмирланганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бундан ташқари, Нигора опанинг саъй-ҳаракати билан жами бўлиб 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ “Матонат” маҳалласи ҳудудида болалар майдончаси, “Минор” маҳалласи ҳудудида болалар учун мини футбол майдончаси қурилиши ҳамда 50- ва 53-оилавий поликлиникалар ҳамда 4-сонли Фтизиатрия диспансерига компьютер техникалари сотиб олишга йўналтирилди.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш