Юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда касб-ҳунарга эга бўлмаган қатламини давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бу борада ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб бориш мақсадида «Темир дафтар», ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» тизимлари ҳаётга татбиқ этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳам юқоридаги мақсадлар йўлида қабул қилинган ва мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш йўлида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тўғри етказиш ҳам муҳим масала ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон ХДП Фарғона шаҳар кенгаши томонидан “Асакабанк” Фарғона филиали томонидан Фарғона давлат университети талабалари иштирокида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ҳукуматнинг юқоридаги қарори билан «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандларининг, шунингдек, «Ёшлар дафтарига» киритилган ёшларнинг мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларини тўлаб бериш, «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда амалга оширилиши кўзда тутилган. Бироқ, ушбу имтиёздан фойдаланиш истагида бўлганлар орасида баъзида айрим тушунмовчилик ва саволлар пайдо бўлмоқда. Шу боисдан, тадбирда қарор ижроси билан боғлиқ масалалар, хусусан, мазкур масалада мурожаат қилиш тартиби тўғрисида батафсил тушунтириш берилди.
Университет талабалари тадбир мавзуси юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
Мунира Исомова,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими.