Янги йил байрамининг завқи ва шукуҳи ўзгача. Катта-ю кичик, айниқса, болажонлар Янги йил байрамини интиқлик билан кутади. Чунки бу байрам кичкинтойларга бир олам қувонч ва шодлик улашади. Янги йилнинг азиз меҳмонлари Қорбобо ва қорқиз ҳамда эртак қаҳрамонлари билан арча атрофидаги учрашувлар, турли ўйинлар, совға-саломлар болаларнинг ёдларида бир умр сақланиб қолади.
Янги йил арафасида Фарғона шаҳридаги Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 86-махсус мактаб интернат уйи ҳамда Фарғона “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйига корхона, ташкилот вакиллари ташриф буюриб, болажонларга қувонч улашмоқдалар.
Янги йил шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши ташаббуси билан мазкур икки муассасада байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Иброҳимжон Султонов, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутатлари Зокиржон Зоҳидов ва Тимур Суренин иштирок этди.
Байрам тадбирида тарбияланувчилар ижросидаги куй-қўшиқлар, шеърлар барчага манзур бўлди. Тадбир сўнгида болажонларга Янги йил совғалари топширилди.
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.