Келажагимиз эгалари бўлган ёшларда ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш, уларда ижодий-таҳлилий фикрлаш, мослашувчанлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши томонидан Жиззах шаҳридаги 29-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида “Меҳр улашинг” акцияси доирасида «Янги йилим – яхши йилим» номли ижодий ишлар танлови ўтказилди.
Иштирокчилар танлов шартларига кўра, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, келажак ҳақидаги тасаввурларини қоғозга туширдилар. Жиззах Давлат педагогика институтининг тажрибали ўқитувчиларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати ижодий ишларни баҳолашда мавзуга янгича талқинда, эркин ёндашилганига ва фикр-мулоҳазалар сўзлар ва тасвирлар орқали қанчалик очиб берилганига эътибор қаратдилар.
Танловда «Энг яхши чизилган расм» ва “Энг яхши ёзилган иншо” номинацияларида ғолиб бўлган ўқувчилар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу каби тадбирлар ўқувчи ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришга, фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши