Бугунги кунда Фарғона вилоятда истиқомат қилаётган 3 млн. 819 аҳолининг 1,9 млн. нафари ёки 49 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Улар орасида ижтимоий муҳофазага муҳтож, турли сабабларга кўра ногиронлиги бўлганлар ҳам йўқ эмас. Бундай қатламга мансуб хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш борасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи аъзолари партия туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари томонидан вилоятда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга арзон уй-жойлар ажратилиши, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бошқа йўналишларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг ижроси ўрганилди.
Маълум бўлишича, охирги 4 йил давомида оғир турмуш шароитида яшаётган уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг 599 нафари имтиёзли уй-жой билан таъминланган ва бунинг учун давлат бюджетидан жами 13 млрд. 566 млн. 767 минг сўм миқдорида маблағлар бошланғич тўлов сифатида ажратилган. Жорий йилда эса 154 нафар хотин-қизларнинг ҳужжатлари Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига бошланғич бадал маблағларини ўтказиш учун тақдим этилиб, улардан 149 нафарининг аризаси қаноатлантирилган.
Шунинг билан бирга, “Аёллар дафтари”га киритилган 100 094 нафар хотин-қизнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг барчасига турли йўналишларда ёрдам кўрсатилишига эришилган. Жумладан, рўйхатга киритилган 14183 нафар ишсиз аёлнинг барчаси доимий ва вақтинчалик ишларга жалб этилиб, бандлиги таъминланди. Шахсий томорқаларидан унумли фойдаланиш ва даромад олишни йўлга қўйиш учун 142 нафар аёлга 415 млн. сўм миқдорида субсидия ажратилган бўлса, 3629 нафар аёл касб-ҳунар марказларида ўқитилди.
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилган жами 3595 нафар хотин-қизга 44 млрд. 670 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд 4504 нафар хотин-қизга моддий ва бошқа тарздаги ёрдамлар кўрсатилди. "Бир марталик" моддий ёрдамлар учун жами 2,9 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижросини таъминлашда партия вилоят Кенгаши, депутатлик гуруҳлари ва депутатларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта. Бу борада партия ташаббуси билан амалга оширилаётган “Аёлларга кўмак”, “Ёшларга кўмак”, “Эътиборимиз марказидаги ҳудуд” каби лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлаш, электорат манфаатини ҳимоя қилиш бундан кейин ҳам устувор мақсадимиз бўлиб қолаверади.
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.