Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги кафолати тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан таъминланиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, қонуннинг 9-моддасида “Объектлар ва хизматларнинг қулайлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг бинолардан, иншоотлардан, транспортдан, ахборотдан ва алоқа воситаларидан, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан, шунингдек бошқа объектлардан ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан ўзга фуқаролар билан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан таъминланади”, дейилган.
Ушбу қонуннинг 23-моддасида эса “Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг, шу жумладан ўриндиқли аравачалардан ҳамда етакловчи итлардан фойдаланувчи шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига (турар жойларга, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, иморатлар ва иншоотларга, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданий-томоша муассасаларига ҳамда бошқа муассасаларга) монеликсиз кириши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, жамоат бинолари ҳамда иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши керак”лиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Халқ депутатлари Наманган туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг туманда ижроси юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилмоқда. Навбатдаги ўрганиш инвестиция дастури асосида “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги давлат мактабгача таълим муассасаси мисолида ўрганилди.
Мутасаддилар иштирокида ўтказилган ўрганишда депутатлар томонидан ижтимоий объект қурилишида қонун талабига риоя этилишини назорат қилиб, бу борада қурувчи ташкилотга тегишли тавсиялар берилди.
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.