Мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касб-ҳунар эгаллашлари учун шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб олинган.
Мазкур йўналишдаги чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, доимий ўрганиб бориш партиямиз депутатлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан депутатлик назорати йўлга қўйилган.
Бу ҳақда гап кетганда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Мирзачўл туман Кенгаши депутати, партиядошимиз Барфи Аманованинг фаолиятини алоҳида эътироф этиш лозим. Жумладан, депутат сайлов округидаги хотин-қизларнинг муаммолари, ўйлантираётган масалаларини доимий равишда ўрганиб бориб, уларни ижобий ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Мисол учун, депутат “Мирзадала” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг муаммоларини уйма-уй юриб ўрганди, касб-ҳунарга ўқитилаётган хотин-қизлар билан ҳам учрашув ўтказди.
Барфи Аманованинг бу каби саъй-ҳаракатлари натижасида тиббий муолажага муҳтож фуқаро даволаниш учун йўлланма билан таъминланган бўлса, бошқа бир аёлнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кредит олишига амалий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий-ҳимояга муҳтож хотин-қизлардан 8 нафари эса тикувчиликка ўқитилди.
Депутат фаолиятидан, албатта, ибрат олса арзийди. Партиядошларимизнинг бу каби саъй-ҳаракатлари сайловчиларнинг партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, обрўсини оширишга хизмат қилади.
Жамила Ёдгорова,
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши масъул ходими.