Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги аъзолари сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказгани, ҳудудлардаги муаммоларни жойига чиқиб ўргангани ҳақида хабарлар берган эдик. Фракция аъзоси, Қонунчилик палатаси депутати Муқаддас Ўразалиева ҳам Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлиб сайловчилар билан учрашди.
Жумладан, депутат Зомин туманидаги “Гулшан” ва “Нурликент” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказди. Учрашувда маълум қилинишича, ушбу қишлоқлар газлаштириш ҳудудидан олис қишлоқлар сифатида эътироф этилиб, уч йил олдин газ тармоғидан узиб қўйилган. Натижада аҳоли учун муайян қийинчиликлар пайдо бўлган.
Сайловчиларнинг талабини инобатга олган ҳолда, масалани жойида кўриб чиқиш учун республика “Ҳудудгаз” АЖ раиси ўринбосари Абдусамад Саидвалиевни аҳоли билан учрашувга таклиф этдик. Маҳалла фаоллари, блогерлар, халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши депутатлари, маҳаллий ҳокимият, вилоят ва туман “Ҳудудгаз” раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда мутасаддилар фуқароларнинг мурожаатини инобатга олган ҳолда ҳудудни табиий газ тармоғига улаш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилдилар.
Албатта, ушбу масала депутатлик назоратига олинди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати.