Депутат сайловчилар ҳузурида
Депутат сайловчилар ҳузурида

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиқиб, сайловчилар билан учрашдилар. Жумладан, мен ҳам Чортоқ туманида бўлиб, сайлов округимда яшовчи фуқаролар билан бир қатор учрашувлар ўтказдим. Сайловчилар билан ўтказилган мулоқотларда уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Хусусан, Чортоқ туман ҳокими Анваржон Отахўжаев иштирокида ташкил этилган сайёр қабулда фуқаролар томонидан кўтарилган 100 дан ортиқ муаммо атрофлича муҳокама қилинди. Мурожаатлардан 4 таси республика даражасида кўриб чиқилиши сабабли тегишли чоралар белгилаб олинди, 87 та мурожаатни ҳал этиш бзасидан туман ташкилотлари раҳбарларига топшириқ берилди, 7 та мурожаат бўйича фуқароларга тушунтириш берилди.


Таҳлиллардан мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой масаласига доир экани маълум бўлди. Бу эса, уй-жой масаласи бугунги кунда ҳақиқатан ҳам энг оғриқли муаммолардан бири эканини яна бир бор тасдиқлади. Туман ҳокимлигига кўра, муаммони ҳал этиш учун бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Чортоқда таъминланган оилалар учун кўп қаватли уй қурилмоқда. Мазкур хонадонлар 16 млн сўм бошланғич тўлов эвазига йиллик 7 фоизли имтиёзли кредитлар асосида эҳтиёжмандларга ажратилади. Айни пайтгача ушбу тоифадаги фуқаролардан 21 нафари шундай уйлар билан таъминланди.

Сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда яна бир жиддий муаммо – ишсизлик масаласи ҳам кўп муҳокама қилинди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратишга катта эътибор берилаётган бир пайтда, айрим фуқароларнинг ҳамон боқимандалик иллатидан қутула олмаётгани ғоят ачинарлидир. Аҳоли билан бўлиб ўтган учрашувларда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Сайлов округимда аҳоли билан ўтказилган учрашувларда кўплаб муаммоли масалалар кўтарилди. Уларни ижобий ҳал этиш учун ваколат доирасида барча зарур чораларни кўрамиз ва бу бизнинг сайловчиларимиз олдидаги бурчимиздир.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш