Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўразбоев Шароф Рашидов туманининг “Қангли”, “Нурафшон”, “Ёйилма”, “Токчилик”, “Раваллик” ҳамда “Яккақайрағоч” маҳалла фуқаролари аҳолиси билан учрашув ўтказди. Шунингдек, сайёр қабул ташкил этилиб, аҳоли муаммолари ўрганилди.
Сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимдаги нутқининг мазмун-моҳияти муҳокама этилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган вазифалар, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экишда иштирок этиш ҳамда бу борада амалга оширилаётган «Долзарб 40 кунлик» ишларининг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар 2 баробарга ошди. Ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 6 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжудлиги, шу сабабли фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага бериш тартиблари жорий этилаётганлиги ҳақида гапириб ўтилди.
Сайёр қабулда фуқаролар томонидан тушган мурожаатлардан 35 таси туман миқёсида, 25 таси вилоят миқёсида, 15 таси республика миқёсида ҳал этилиши сабабли тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Сарвиноз МАМАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати вакили.