Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлими партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари учун муҳим мавзудаги ўқув семинарлар ўтказиш тартибини йўлга қўйди. У ҳам бўлса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида мажлисидаги нутқида “Янги Ўзбекистон —Тараққиёт стратегияси” йўналишида белгиланган устувор вазифалар мазмун моҳиятини тушунтиришга бағишланган. Ўтган ҳафта шундай видеоконференцалоқа кўринишидаги семинарлардан бири Ўзбекистон ХДПнинг Сирдарё вилояти фаоллари ва депутатлик гуруҳлари учун ташкил этилган бўлса, бугун, 24 ноябрь куни партиянинг Жиззах вилояти кенгаши ва депутатлари иштирокида ўтказилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Янги Ўзбекистон-Тараққиёт стратегияси” йўналишида белгиланган устуворликларни амалга оширишда, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия гуруҳларининг иш фаолияти самарадорлигини ошириш” деб номланган семинарни ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурот Юсупов очиб берди. Нотиқ ўз сўзида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи ва унда илгари сурилган Тараққиёт стратегиясини халқимиз катта қизиқиш билан кутиб олганини, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини қамраб олган еттита йўналишдаги вазифалар халқимиз фаровонлигини янада ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим таклифлар ва ташаббуслар илгари сурилгани таъкидлади. Унга биноан Ўзбекистон ҳаётидаги мисли кўрилмаган ўзгаришлар эндиликда янада кенг тусда давом эттирилади.
Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилади. Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. Жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади. Б. Юсупов халқ депутатлари Жиззах вилояти, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ХДП депутатларини халқ ишончини қозониш учун масъулиятли, ташаббускор ва қатъиятли бўлишга чақирди. Фуқаролар мурожаатларини ечишда депутатлик сўровидан кўпроқ фойдаланмаслик, мурожаатларга эътиборсизлик ва халқдан узоқлашиш, лоқайдлик партия ва депутатларга бўлган ишончсизликни келтириб чиқиши айтилди.
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси Нуриддин Холматов семинарда сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг еттита йўналишидаги мақсад-вазифалар, илгари сурилаётган ташаббуслар, энг аввало, инсон омилига қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Масалан, биринчи йўналишдаги вазифалар қаторида миллий парламентимиз фаолияти, сенатор ва депутатларнинг ўрни ва иштирокига алоҳида эътибор қаратилиб, халқчил қонунлар ишлаб чиқиш, мурожаатлар билан ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш кўзда тутилмоқда. Бу вазифалар ижроси янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга, кўзланган марраларга эришишга хизмат қилади.
Семинарда мавзу юзасидан Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати О.Бакиров, Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари М.Исоқов, Ўзбекистон ХДП Мирзачўл туман Кенгаши раиси О.Намозова, Ғаллаорол туман ЎзХДП Депутатлик гуруҳи раҳбари М. Бобоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатишда, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда парламент ва маҳаллий кенгашларнинг иштирокини янада оширади. Дарҳақиқат, халқ вакиллари сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан келиб тушадиган мурожаатларни назоратга олиш билан чекланиб қолмасдан, уларни тизимли равишда ҳал қилиш учун таъсирчан чораларни кўриши лозим бўлади.
Йиғилиш сўнггида партия бўлим бошлиғи Б. Юсупов депутатлар нафақат ўзларига келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлаши, балки ҳукумат вакиллари, идора ва ташкилотларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолияти устидан ҳам парламент назоратини ўрнатган ҳолда муаммоларни, мурожаатларни тизимли ҳал этилишига кўмаклашиши лозимлигини айтди. Бу борада Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илгари сурилаётган ташаббуслар, албатта, ўз натижасини кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, аввало, инсон омилига, инсон қадр-қимматига, аҳоли манфаатларига хизмат қилган ҳолда мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага кўтаришига ишонч билдирилди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.