Қишлоқ жойларда аёллар бандлиги таъминланмоқда
Қишлоқ жойларда аёллар бандлиги таъминланмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафида эл-юрт, одамлар тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири партия Тошлоқ туман Кенгаши "Аёллар қаноти" раиси, тадбиркор, “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими раҳбари Гулчеҳрахон Собировадир.

У кишини таниган-билганлар ҳаётини савобли ишларга бағишлаган инсон, деб таърифлайди. Дарҳақиқат, қачон қарасангиз, опа доим ўзгалар ташвишида юрганига гувоҳ бўласиз. Хусусан, партиямиз фаоли ташаббуси билан "Ҳунарман" уюшмасининг туман бўлими томонидан жорий йилнинг ўзида "Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан 91 нафари қисқа муддатли ўқув курсларида бепул ўқитилиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун уларнинг ҳар бирига беш миллиондан ўттиз миллион сўмгача имтиёзли кредитлар олиб берилди.

Партиядошимиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, шу орқали улар доимий даромад манбаига эга бўлиши учун яна бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Мисол учун, ногиронлиги бўлган фарзандлари бор уч нафар аёлга ҳомийлар ёрдамида тикув машиналари олиб берилди. Бугунги кунда эса 48 нафар хотин-қизлар тикувчилик сир-асрорларини эгаллашлари учун бепул ўқитиляпти.

Қувонарлиси, Гулчеҳрахон Собированинг аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш борасидаги амалий ишлари ўз самарасини бермоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўзида юздан зиёд ҳунарманд аёлларнинг расман бандлиги таъминланди. Улар тадбиркорлик орқасидан даромад топишлари билан бирга, тўқимачилик маҳсулотлари тури ва сифати ортишига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

 

Мунира Исомова,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш