Фахримсан, ғуруримсан, она юртим байроғи!
Фахримсан, ғуруримсан, она юртим байроғи!

 

Бугун “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган кун. Ватанимизнинг беқиёс рамзи, ғурур ва фахримиз тимсоли, мана, 30 йилдирки, истиқлол, эрк, озодлик тараннуми сифатида ҳилпираб турибди. Миллий байроғимиз бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.

Давлат рамзлари, жумладан, Давлат байроғимизни кўрганда қалбимиз ғурурга, ифтихорга тўлади. Ўзбекистонда яшаётганимиздан, шу юртнинг фуқароси эканимиздан беҳад бахтиёр бўламиз. Бу туйғуларнинг келажагимиз эгалари бўлган ёшлар онгига сингдириш, уларни Ватан рамзларига нисбатан чексиз меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Албатта, бу борада маърифий, маънавий тарғибот тадбирларининг ўз ўрни бор.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши томонидан Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан Ғаллаорол туманидаги 52-, 17- ва 42-умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида “Сен менинг фахримсан – она юртим байроғи” номли иншолар танлови ўтказилди.

– Партия ташаббуси билан ўтказилган бундай иншолар танлови, ўқувчиларимиз қалбида она-юртга бўлган садоқат, муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаши билан бирга, уларнинг саводхонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди 52-умумтаълим мактаби директори Алламурод Қуллиев. – Келгусида байроғимизнинг янада юксакларда ҳилпираши учун ёш авлодга пухта таълим беришга, билим, тафаккурини кенгайтиришга янада жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

Иншолар танловида ғолиб чиққан иштирокчилар Ўзбекистон ХДПнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Сарвиноз Маманова,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши масъул ходими.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш