Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Қиз бола – бўлғуси уй бекаси, келажагимиз эгаси” мавзусидаги амалий семинар ўтказилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг мажлислар залида ташкил этилган тадбирда қизларни билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.
Эътиборли жиҳати, тадбир бевосита тингловчилар билан жонли мулоқот ва бошқа ноанъанавий усуллар асосида ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзоси, шоира Зулфия Мўминова, Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддасхон Раҳматиллаева, Тошкент шаҳар Бош имом хатибининг биринчи ўринбосари Абдуқаҳҳор домла ҳамда Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари, партия фаоллари, институтнинг фаол талаба қизлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш хусусида фикр-мулоҳаза билдирдилар.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши