Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизни ривожлантиришнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилишида мазкур нутқда белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама этилди.

Видео мулоқот шаклида ўтган йиғилишда студиялардан партия ҳудудий ташкилотлари ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев олиб борди ва Ўзбекистон Президентининг тантанали маросимдаги нутқидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар хусусида маъруза қилди. Илк марта Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтган Президент сайлови халқимизнинг руҳи кўтаринки эканини, бирдамлик, ҳамжиҳатлик туйғуси баланд эканини, энг муҳими, ҳеч ким юрт, ватан тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатгани алоҳида таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев тантанали маросимдаги нутқида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурилгани, “Ҳаракатлар стратегиясидан  – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларни белгилаб берди. Стратегияда белгиланган 7 та йўналишнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига ва электорат манфаатларига мос ва ҳамоҳангдир.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП фракцияси аъзолари Мавжуда Ҳасанова, Шоҳиста Турғунова, Шарофиддин Назарова ва бошқалар сўзга чиқиб, Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг еттита устувор йўналиши белгилаб берилгани, уларнинг ҳар бирида мамлакатда янги босқичдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини таъминлашга оид аниқ чора-тадбирлар, таклифлар ўз аксини топганини таъкидладилар. 

Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, маҳалла тизимини ҳокимиятлар билан боғлаш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, адолат ва ва қонун устуворлигини таъминлаш вазифаси қўйилмоқда. Чунки одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлиги таъминланмас, ҳуқуқ-тартибот органлари, адвокатура институти  фаолияти такомиллаштирилмас экан, жамиятда адолатни таъминлаш имконсиз бўлади.

Учинчидан, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор мақсадлардан биридир. Ўзбекистон ХДП стратегиянинг учинчи йўналишидаги уй-жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Зеро, сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилди. Бу – олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди, деганидир.  Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар ҳам электоратимиз манфаатларига хизмат қилади.

Тўртинчи йўналишдан ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш вазифаси ўрин олган. Ногиронлиги бўлган фуқароларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун уларга аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда. Бу ногиронлиги бор инсонларнинг ўзини жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳис қилишига имкон беради. Хуллас, эътибордан ҳеч ким, жумладан, “Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари ҳам, хотин-қизлар ҳам четда эмас. 

Йиғилишда мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ХДП электорат манфаатларидан келиб чиқиб, муҳим чора-тадбирлар белгилаб олгани маълум қилинди. Хусусан, бу борада стратегияда илгари сурилган еттита йўналишдаги вазифаларни амалга ошириш жараёнларида партия фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилиши, шунингдек, бу борада йўл харитаси ишлаб чиқилиши таъкидланди.

Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

← Рўйхатга қайтиш