Ўзбек аёлларининг бир вакили сифатида бугунги тарихий маросим, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиш менга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлади. Президентимизнинг Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қилдилар. Бу қасамёд замирида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бугунги таҳликали замонда ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек улуғ бурч ва масъулият бор.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари “Халқимиз талабларини инобатга олган ҳолда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқилгани ва бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилгани айтиб ўтилди.
Мазкур стратегия еттита йўналишдан иборат бўлиб, биринчи йўналиш эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга қаратилган. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади ва бу орқали “Хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш “портрети” ишлаб чиқилади.
Маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўриш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизларни бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш чоралари кўрилади.
“Ижтимоий шартнома” тизими орқали тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар ажратишга кўмак берилади.
Тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларини “мижозбай” ўрганиш ҳамда ҳал этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд инструмент ва ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил этилади.
Ҳудудий ва инвестиция дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда маҳалланинг ривожланишига доир дастурлар ижросини назорат (мониторинг) қилишда хокимларнинг яқин кўмакчисига айланади.
Шу билан бирга маҳалладаги ёшлар билан ишлашни юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида, ҳар бир маҳаллада Ёшлар ишлари агентлигининг вакили лавозими жорий этилади ва у маҳалла ёшлари билан ишлайди.
Туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади ва ушбу маблағлар маҳалланинг зарурий эҳтиёжларига сарфланади.
Марказий идоралар трансформация қилиниб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади, бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади ва уларнинг ваколатлари кенгайтирилади. Раҳбарларнинг халқимизга ҳисобот беришининг янги тизими яратилади. Раҳбарлар фақат давлат идораларига эмас, аввало инсон ва унинг оиласига, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Президентимизнинг “Раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча уларнинг юкини елкасига олиши зарур” деган сўзлари, бугунги кун раҳбарларига катта масъулият юклайди.
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида бугунги кунда Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган Халқ қабулхоналари одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Энди Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқий асослари яратилади.
Албатта, белгилаб берилган вазифаларни амалга оширилишини назорат қилиш ва қонуний асосларини яратишда давлатимиз раҳбарининг халқ вакилларига билдирган ишончлари бизга куч-ғайрат бағишлади.
Д.Мамаджанова
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
ЎзХДП фракцияси аъзоси