Сайловчиларга сайлов борасидаги ҳуқуқлари бўйича тушунча берилди
Сайловчиларга сайлов борасидаги ҳуқуқлари бўйича тушунча берилди

 

Қонунчилигимизга кўра, сайлов куни 18 ёшга тўлган, қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда қатнашиб, овоз бериш ҳуқуқига эга.

Белгиланган тартибга кўра, сайлаш ҳуқуқига эга маҳкумлар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайлов куни қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти маҳкумларнинг сайлов участкасига кириб чиқиши ва хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, ички тартиб-қоидаларига риоя этиши учун масъул ҳисобланади.

Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиялари муассасаларнинг маъмурияти билан биргаликда сайловчиларни сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, уни ўтказиш жараёнлари, сайлов ўтказиш вақти ва тартиби ҳамда номзодлар ҳақида хабардор қилиб боради. Шунинг билан бирга, номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилиши лозим.

Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш муассасасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастури тарғиботига бағишланган учрашувда ушбулар ҳақда маълумот берилди.

Учрашув иштирокчилари учун партиядан номзоднинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди.

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши маъсул ходимлари Мақсуда Ворисованинг 9 қисм, 115 банддан иборат сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад, вазифалар хусусида батафсил маълумот беришди. Дастурдан жой олган ташаббуслар мамлакат равнақи, халқ фаровонлигига, юртимизда эркин фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари сайлов хусусида ўзларини қизиқтирган саволлар билан партия масъулларига мурожаат қилдилар ва уларга тегишли жавоблар берилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар сайловчиларини 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловида муносиб номзодга овоз беришга даъват қилдилар.

 

Хуршида Нарзиева,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш