Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Зокиржон Зоҳидов Марғилон шаҳри аҳолиси билан учрашди.
Учрашувда партиянинг вилоят ва туман кенгаши ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ҳамда хотин-қизлар иштирок этди.
Номзоднинг ишончли вакили тадбир иштирокчиларини Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастури билан таништирди. Таъкидланганидек, ҳар бир Ўзбекистонлик салоҳиятини рўёбга чиқариши учун тенг имкониятлар яратиш асосий вазифалардан биридир. Сайловолди дастурда оилалар фаровонлиги, болалар учун тенг имкониятлар яратиш, ёшларнинг таҳсил олиши, кексаларга ғамхўрлик қилишни таъминлаш каби муҳим масалалар илгари сурилмоқда.
Ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш Халқ демократик партиясининг бош мақсади ҳисобланади.
– Мақсуда Ворисова ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш тарафдори. Партиямиздан Президентликка номзод ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш керак, деган таклифни илгари сурмоқда. Бунинг учун биринчи навбатда миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш зарур, деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, уларга маънавий-маърифий соҳада тенг имкониятларни таъминлаш лозимлигини билдирмоқда, – деди Зокиржон Зоҳидов.
Учрашув иштирокчилари номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ўзбекистон Президенти сайловида Мақсуда Ворисованинг номзодини қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.
Мунира Исомова,
Ўзбекистон ХДП Фарҳона вилояти Кенгаши масъул ходими.