Қишлоқ аёллари иш фаолиятидан ташқари, уй-рўзғор ва томорқа ишлари билан оилаларининг камини «тўлдириш» билан ҳам шуғулланишади. «Қуш уясида кўрганини қилади» деганларидек, фарзандлар ҳам ёшлигидан меҳнатда чиниқишади.
Бугун биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ҳам Қизилтепа тумани, Ўртачўл ҳудудида истиқомат қилиб, она ерга умрини бахшида қилиб, ҳалол меҳнат билан ҳурмат қозонган партиядошимиз, «Валиобод» фермер хўжалиги раиси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Раъно опа Валиевадир.
Ўртачўлда бошқа ҳудудларга нисбатан пахта эрта етилади. Жорий мавсумнинг қурғоқчил келганига миришкорларни жиддий синовдан ўтказди. Кўп йиллик тажрибага эга фермер опа экилган пахтани нес-нобуд қилмай, режани ортиғи билан бажарди.
Раъно опа нафақат олим-аграном, балки жонкуяр депутат ҳамдир. У киши Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият юритган. Айни пайтда эса халқ депутатлари Қизилтепа туман Кенгаши депутати сифатида халқ хизматида.
– Бугунги кунда хўжалигимизда 12 нафар ишчи меҳнат қилмоқда, – дейди Раъно Валиева. – Шундан 2 нафари аёллардир. 30 гектар ер майдонига экилган «оқ олтин»ни теришга 70 нафар хотин-қизлар ёрдамга келди. Бундан хурсанд бўлдим. Уларнинг кўмаги билан оғиримиз енгил бўлди. Ишлайман, оиламга ва жонажон юртимизга фойда келтираман, деган инсонлар давлатимиз томонидан етарлича қўллаб-қувватланмоқда. Шундай экан, ишлашдан, изланишдан бир сония ҳам тўхтамайман. Режалаштирган ишларим, орзуларим, мақсадларим бир олам.
Орзулари бир олам, шижоати қатъий Раъно опага кўзлаган мақсадларига етиб юришни тилаймиз. Истагимиз, опа каби фаол хотин-қизларимизнинг сафи кенгайсин.
Хуршида Нарзиева,
Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши сектор мудири.