Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили, партия вилоят кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаевнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Нурота туманида бўлиб ўтди.
Сайловчиларни ишончли вакил Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастури билан таништириб ўтар экан, аввало мамлакатимизда амалга оширилаётган янги демократик давлатни барпо этишга қаратилган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар доирасида халқ хокимиятчилиги конституциявий тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини таъминлаш, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди.
Ишончли вакилнинг таъкидлашича, сайлов умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида ўтказилиши сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлайди. Фуқароларга конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятини оширади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароит яратади. Бу чора-тадбирларнинг барчаси пировардида мамлакатимизда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланишига, очиқ ва эркин фуқаролик жамияти барпо этилишига, юртимизни ривожланган давлатлар қаторидан жой олишига янги имкониятлар яратади.
Ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастуридан жой олган, мамлакатимизнинг ташқи сиёсати масалалари ҳақида ҳам батафсил тушунтириб ўтди. Зеро, фарзандлари, юрт келажагини ўйлаган ҳар бир инсон биринчи галда юрт тинчлиги, хавфсизлик кафолатлари ҳақида ўйлайди. Бу борада номзод томонидан мамлакатимизнинг ташқи сиёсати борасида бир қатор муҳим йўналишлар илгари сурилган бўлиб, уларнинг асосий ўзагини Ўзбекистонни барча – қўшни ва бошқа давлатлар билан ўзаро ишонч, тенг манфаатлар асосида қурилган ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш ташкил этади.
– Жадал ривожланаётган дунё принципиал жиҳатдан янги иқтисодий сиёсатни, барча йўналишда — иқтисодиёт, таълим, илмий-техникавий, ижтимоий, гуманитар каби соҳаларда катта ўзгаришлар учун янги имкониятларни топишга қаратилган фаол ташқи иқтисодий стратегия зарур эди. Замоннинг ўзи ташқи сиёсат соҳасида янгича қараш ва фикрлашни талаб қилмоқда. Табиийки, бундай шароитда муқаррар ўзгариш зарурлигини англаш эҳтиёжи пайдо бўлди. Бу одатий зарурат ёки бир жойда қолиб кетиш эмас, балки муносиб ривожланишни таъминлашнинг ягона йўли эканини англашдир. Амалдаги стратегия ташқи ва ички сиёсатда ривожланишнинг янги драйверларини фаол равишда ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишга қаратилган мутлақо прагматик йўлдир. Аввало, ташқи сиёсат нуқтаи назаридан олганда, ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро жараёнларда янада фаол иштирок этиб, минтақавий ва глобал кун тартибини белгилашда дадиллик билан қатнашмоқда. Бундай принципиал тамойиллар партиямиз номзодининг дастуридан жой олганини алоҳида таъкидлаш лозим, – деди Мақсуд Нуруллаев.
Ишончли вакил дастурда илгари сурилган бир қатор мақсад ва вазифалар, жумладан, олис ва чекка ҳудудларда саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастури кенг қамровлилиги, аҳолининг барча қатлами манфаатларини ўзида мужасса этгани билан эътиборга молик эканини таъкидлаб, номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашни билдирдилар.
Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши