Жорий йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисовани қўллаб-қувватлашга қаратилган сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди. Сергели туманидаги Тошкент туризм ва бизнес касб-ҳунар коллежида ташкил этилган учрашувда шаҳар ҳамда туман партия кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, волонтёрлар гуруҳи, партиянинг аёллар ва ёшлар қаноти аъзолари иштирок этди. Сайловчилар билан учрашув олдидан номзод ҳақидаги материаллар иштирокчиларга тарқатилди.
Номзоднинг ишончли вакили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастуридаги устувор вазифалар, асосий йўналишлар билан таништирди. Ишончли вакил Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш каби қатор ташаббуслар илгари сурилаётганини қайд этди. Шунингдек, таълим соҳасида барчага тенг имкониятлар яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш каби долзарб масалалар билан таништирди.
Тадбир ниҳоясида номзоднинг ишончли вакили йиғилганларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
Сўз олганлар сайловчиларни сайловда фаол иштирок этиб, Президентликка номзод Мақсуда Ворисовага овоз беришга чақирди.
ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши