Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маъруза қилиб, ундаги устувор йўналишлар билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди.
Маърузада олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига тўхтаб ўтилди.
Президентликка номзоднинг дастурида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш, иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилган.
Қишлоқ хўжалиги – мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан ҳисобланади. Соҳа ривожи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, республиканинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Дастурдан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш вазифаси ўрин олган.
Қишлоқ инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва технологияларини ривожлантиришга сармоя киритишни кўпайтириш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш керак. Ушбу вазифалар ҳал қилиниши орқали сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва ижтимоий аҳамиятга молик товарлар билан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларнинг нархи кескин ўсиб кетишини олдини олиш мумкин, – деди Мақсуда Ворисова.
Учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар, Фарғона вилоятини ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш борасида таклифларини билдирдилар.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб, барчани сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати