Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Наманган вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маъруза қилиб, ундаги устувор йўналишлар билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди.
Ўзбекистонда ижтимоий демократик давлат қуришни асосий мақсад сифатида белгилаб олган Халқ демократик партиясидан номзоднинг сайловолди дастури мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган энг муҳим 9 та устувор йўналишни қамраб олган. Ундаги мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши биринчидан, аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланишини назарда тутади. Ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлади.
Иккинчидан, барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтириш, жамият аъзоларининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун уларга тенг имкониятлар яратилиши кўзда тутилган.
Учинчидан, фуқароларнинг демократик институтлар орқали аҳолининг ижтимоий кайфиятига, зарур ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, жамиятда жамоатчилик экспертизаси ва муҳокамаларида кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган демократик асослар яратилади.
Бундан ташқари, дастурда ҳар бир фуқаронинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш, шу мақсадда “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини янада яхшилаш механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.
Номзоднинг дастуридан келгуси 5 йилликда камбағал аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш, 2030 йилга қадар фуқароларнинг ўта камбағал ҳолатда кун кечиришига барҳам бериш, ўрта муддатли истиқболда иш ҳақи даражаси яшаш минумимидан камида 1,5 баробар оширишни асосий вазифалари жой олиб, бу борада аниқ чоралар кўрилиши баён қилинган.
Шунингдек, Мақсуда Ворисова аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтириш, мамлакатда замонавий инновацион технологиялар асосида қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштириш масалалари режалаштирилаётганини маълум қилди.
Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар, Наманган вилоятини янада ривожлантиришга борасида таклифларини билдирдилар.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб, барчани сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати