Наманган вилояти Косонсой тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси биноси охирги пайтда таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди. Жиҳозлар ҳам бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермасди. Ҳаттоки, ходимлар ва даволанувчилар учун ҳам етарли шарт-шароитлар йўқ эди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.
Маълум бўлишича, маҳаллий аҳоли вакиллари мазкур масала юзасидан тегишли идораларга бир неча маротаба мурожаат қилган. Кўплаб хотин-қизлар қишнинг қаҳратонли кунлари ва ёзнинг жазирама иссиқларида беморлар анча қийналаётганини билдирган. Лекин мутасаддилар муаммога ечим топиш ўрнига бу ишларни ортга суриб келган.
Косонсойлик бир гуруҳ фуқаролар шу тумандан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатликка сайланган Анвар Темировга мурожаат қилган. Халқ вакили бу масалани жойига чиқиб ўрганган ҳолда, муаммога ечим топишга киришган.
А.Темировнинг тегишли ташкилотларга юборган депутатлик сўровидан сўнг, масала ижобий ҳал этилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. Тез орада жуда абгор аҳволга келиб қолган муассаса замонавий кўринишда таъмирланиб, энг сўнгги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.
Қонунчилик палатаси депутати А.Темиров номига косонсойлик бир гуруҳ фуқаролар томонидан келган миннатдорчилик хатида бу ҳақда маълум қилинган.
“Бутун Косонсой аҳли, барча хотин-қизларимиз депутатимиз кўмагидан жуда мамнун. Қисқа вақт ичида туманда аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасида жиддий ишлар қилинди.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Халқ манфаати йўлида амалга оширган эзгу ишлари учун депутатимизга чин дилдан, ўзимизни самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз”, — дейилади унда.