Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили Илҳом Атабаевнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Наманган шаҳрида бўлиб ўтди.
Наманган давлат университетининг мажлислар залида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ХДП вилоят ва шаҳар кенгаши масъул ходимлари, бошланғич партия ташкилоти раислари, партия фаоллари, тарғиботчилар гуруҳлари аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сайловчилар Президентликка номзоднинг ишончли вакили Илҳом Атабаев номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш мақсадида, аҳолининг барча қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари устувор мақсадлар сифатида белгилаб олинганини таъкидлади.
Бундан ташқари, ишончли вакил оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш номзоднинг сайловолди дастуридаги асосий йўналишлардан экани хусусида тўхталиб ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини ва сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши