Куни кеча «Facebook» ижтимоий тармоғида эълон қилинган бир ҳолат кишини ҳам ўйга, ҳам ташвишга солади. Унда баён қилинишича, пойтахтимизнинг Сирғали тумани, Қўйлиқ-5 даҳасида турувчи 82 ёшли Евгения Тихонова полизда яшашга мажбур бўлмоқда. Чунки, унинг уйи антисанитар ҳолатда ва таъмирталаб бўлиб қолган, қарз туфайли коммуникация тармоқларидан узиб қўйилган.
Мазкур ҳолат Сирғали туман ҳокимияти, «Маданият» МФЙ вакиллари, ички ишлар идораси ва Миллий гвардия вакиллари томонидан тасдиқланган. Ушбу масала юзасидан ўтказилган учрашувда Е.Тихонованинг квартираси чиқиндилардан тозаланиб, таъмирлангандан сўнг маҳалла раиси ва ходимлари аёлнинг аҳволидан домий равишда хабар олиб туришига қарор қилишади.
Бироқ, аёл касалхонада даволаниб чиққанидан сўнг яна полизда яшашда давом этган. Чунки, таъкидланишича, мутасаддилар томонидан ҳолат ўрганилганидан сўнг ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Аёлнинг ҳолидан хабар олиб турган кўнгиллилар эса маҳалла раиси, ИИБ ходими ҳамда пенсионернинг қўшниси ғаразли мақсадларни кўзлаб, атайин унга ёрдам кўрсатмаётганликларини маълум қилишган.
Кекса ёшли фуқарони қаровсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйишни бирон-бир важ билан оқлаб бўлмайди. Айниқса, «Маданият» МФЙ мутасаддилари бу борада ўзларини парвойи палак тутишлари тушунарсиз қолмоқда. Ахир, маҳалла аъзолари ҳақида қайғуриш, эҳтиёжмандларнинг иссиқ-совуғидан хабар олиш уларнинг вазифасига кирмайдими?
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши Е.Тихонова билан боғлиқ муаммони ўз назоратига олиб, ваколати доирасида тегишли чоралар кўришини маълум қилади.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати