Тошкент шаҳрининг сўлим гўшаларидан бири — “Экобоғ”да Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, сайлов жараёнларида уларнинг иштирокини кенгайтириш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Тошкент шаҳар ҳамда Мирзо Улуғбек туман кенгашлари масъул ходимлари, Бандликка кўмаклашиш маркази, тумандаги корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Очиқ мулоқот иштирокчиларига сайлов қонунчилиги, партия, унинг дастурий мақсад ва вазифалари, шунингдек, субсидия олиш тартиби ҳақида маълумотлар берилди. Жонли, очиқ мулоқот ва савол-жавоблар тарзида ташкил ўтган тадбирда ташкил этилган викториналар унинг жозибадорлигини янада оширди. Бу орқали хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий билимлари оширилди. Савол-жавоб ва викторина ўйинларида фаол иштирок этганларга партиянинг эсдалик совғалари ҳамда бадиий китоблар тақдим этилди.
Шунингдек, “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасида Мирзо Улуғбек тумани Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
– Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамкорликда ишлаш, биргаликда тадбирлар, меҳнат ярмаркалари ўтказиш масаласида жуда кўп таклифлар билан чиқадиган партия ҳисобланади ва бундан биз, албатта хурсандмиз. Чунки, ҳамкорликдаги ишнинг натижаси самарали бўлади. Бугунги тадбирда ҳам тумандаги 2140 та бўш иш ўрни билан иштирок этдик. 70 га яқин ёшлар ва хотин-қизларга тегишли ташкилот ва корхоналарда ишлашлари учун йўлланмалар бердик. Партия билан ҳамкорликдаги тадбирларимиз давом этишига ишонаман, – дейди Мирзо Улуғбек туман Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Акмал Абдуваҳобов.
Иштирокчиларнинг тадбирдан олган таассуротлари билан ўртоқлашиш мақсадида улардан бирини суҳбатга тортдик.
– Шу йил мактабни битирдим, иш излаб юргандим. Ўзбекистон ХДП томонидан “Экобоғ”да меҳнат ярмаркаси ташкил этилаётганини эшитиб, маҳалламиздаги қизлар билан бирга келдик. Мен туманимиздаги 504-МТТга, дугонам Яйра Ғуломова эса хусусий МТМга ёрдамчи тарбиячи сифатида ишга жойлашиш бўйича йўлланма олдик. Бундан, албатта хурсандмиз. Кўпчилик аёллар, ёшлар ҳам ўзларига маъқул бўлган, маълумотига мос келадиган корхоналарга ишлаш бўйича йўлланмалар олишди. Шунингдек, сиёсий билимларимни синаб кўриш учун викторинада иштирок этгандим, саволларга тўлиқ жавоб бериб, Халқ демократик партиясининг совғалари билан тақдирландим. Сайловда ҳам албатта фаол иштирок этаман, – деди биз билан суҳбатда Лайло Шомуродова мамнун бўлиб.
Партиямиз томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар одамларнинг муаммоларига ечим топаётгани, аҳолига фойдаси тегаётгани билан аҳамиятлидир.
Гулшан Асатова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.