Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят ҳамда Музработ туман кенгашлари томонидан тумандаги 47-сонли умумтаълим ўрта мактабида “Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирни партия вилоят кенгаши раиси А.Пардаев очиб, фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш, нафақат ижро ҳокимияти органларининг, балки депутатлар ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг, жумладан сиёсий партияларнинг ҳам муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлаб ўтди.
Очиқ мулоқотда халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати, 47-мактаб директори Турсунқул Тангиров сўзга чиқиб “Янгиер”, “Меҳнатобод”, “Орият”, “Меҳригиё” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида олиб борилаётган ободонлаштириш, инфраструктурани яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб, электр энергияси таъминоти, табиий газ, ичимлик суви, кўприклар қурилиши, кам таъминланган оилаларга ажратилаётган уйлар хусусида маълумот берди.
Шундан сўнг фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилишди ва мурожаатларнинг 14 таси жойида ҳал этилди. Вақт ва маблағ талаб қилинадиган мурожаатлар депутат томонидан назоратга олиниб, уларни ижобий ҳал қилиш учун керакли чора-тадбирлар белгиланди.
ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши