Депутат сўрови туфайли аҳоли муаммолари ечим топди
Депутат сўрови туфайли аҳоли муаммолари ечим топди

 

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасановага Сурхондарё вилояти, Узун тумани “Заркамар” ва Денов туманининг “Ёшлик” маҳалласи яшовчиларидан мурожаат келиб тушган эди.

Масалан, “Ёшлик” маҳалласига шаҳар электр тармоғи томонидан симёғочлар келтирилгани, аммо ҳануз ўрнатилмагани, мавжуд терак устунлар эса аҳоли ҳаётига хавф солаётгани баён этилган. Муаммо бу билан тугамайди. Маҳалланинг асосий йўлида 200 метрлик жой қувур ётқизиш учун қазилган бўлиб, уч ойдан бери асфальт қилинмайди, маҳалланинг ўртасидан ўтган Янгиариқ каналининг кўприги синган, бундан машиналар тирбандлиги юзага келган. Маҳалланинг Уйғун кўчасида сув насоси ёрилгани сабабли 120 та хўжалик 15 кундан бери сувсиз қолиб кетган.

Депутат Мавжуда Ҳасанова зудлик билан муаммони ечиш мақсадида тегишли идораларга чиқди. Жавоб ўзини кўп куттирмади. “Ўзсувтаъминот” МЧЖ 12 августда юборилган сўровномадаги барча муаммолар ҳал этилганини маълум қилди. Хусусан, Узун туманидаги “Заркамар” маҳалласи ичимлик сувини икки километр узоқликдаги булоқ сувидан ташиб истеъмол қилиши аниқланган. Бугунги кунда ушбу ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ Узун туман бўлими томонидан махсус сув ташиш автомашинаси жалб қилинган.

Денов тумани “Ёшлик”маҳалласидаги жами 3,6 минг нафар аҳолининг 2,1 минги марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Маҳалла ҳудудида “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ тасарруфидаги 6 дона сув олиш имконияти мавжуд бўлиб, бугунги кунда барча иншоотлар ишчи ҳолатда ва аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаб келмоқда.

Шунингдек, мурожаатда келтирилган “Ёшлик” маҳалласи Уйғун кўчасида жойлашган якка тартибдаги сув олиш иншоотидаги насос ускунаси “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ томонидан таъмирланиб, аҳолининг ичимлик суви таъминоти қайта тикланди. Қолаверса, маҳаллада йўлларни асфальтлаш ишлари бошлаб юборилган.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш