Сиёсий партиялар фаолиятининг самарадорлиги, халқ орасида оммавийлиги, нуфузи ҳамда таъсири уларнинг ҳудудлардаги бошланғич партия ташкилотлари (БПТ) фаолияти қай даражада йўлга қўйилганлиги билан бевосита боғлиқ.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши ҳузурида 766 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб бормоқда. 45 мингдан зиёд аъзоларни ўзида жам қилган БПТларимиз барча жараёнларда бизга яқиндан кўмакдош бўлмоқда. Буни бугунги кунда партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари томонидан жойларда олиб борилаётган сайловолди тарғибот ишларининг қизғин жараёнларида бошланғич партия ташкилотлари алоҳида фаоллик кўрсатаётганлигидан ҳам билишимиз мумкин.
ЎзХДП Косонсой туман Кенгаши томонидан Гулбоғ ва Чўнгбош ҳудудий БПТда “Бошланғич партия ташкилотларида сайлов тарғиботи” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ҳам шу ҳақда маълумотлар берилди.
Тадбирда партиянинг вилоят ҳамда туман кенгашлари масъул ходимлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ҳудудий БПТ аъзолари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар 2021 йил 23 июль кунидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан йирик сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилганлиги ва мазкур сайлов илк бор мамлакатимизнинг янги Сайлов кодекси асосида ўтказилишиин, сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, 2021 йилнинг 24 октябрь санасида бўлиб ўтиши ҳамда сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити, тенг шароит яратилиши хусусида ҳамда бу жараёнларда партия фаол ёшларининг ўрни ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон ХДП Косонсой туман Кенгаши томонидан Гулбоғ ва Чўнгбош ҳудудий бошланғич партия ташкилотларининг самарали фаолияти алоҳида эътироф этилди ва фаол ходимлар ташаккурномалар билан тақдирланди.
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши