Ўзбекистон ХДП Юнусобод туман кенгаши томонидан “Фирдавсий” МФЙ мажлислар залида партия фаоллари ва ёшлар иштирокида “Сиёсий жараёнларда ёшларнинг ўрни” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда шу йил 24 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари, унда ёшларнинг иштироки, Ўзбекистонда ёшларнинг электорал маданиятини оширишнинг долзарб масалалари ҳамда электорал маданиятни ривожлантиришнинг замонавий воситалари ва шаклларидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёшларда электорал маданиятни ривожлантириш бўйича хорижий давлатлар тажрибасининг ижобий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Тадбирда партия туман кенгаши раиси Ш.Содиқов ва ХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Х. Раҳматов партиянинг сайловолди дастури ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар хақида батафсил тушунча беришди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим сиёсий жараён эканлиги, мазкур жараёнга пухта тайёргарлик кўриш ва уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш, Президент сайлови илк маротаба Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилиши, унга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, ёшлар янгича фикрлайдиган, янгича ғоя ва ташаббусларни илгари суришга мойил фаол қатламдир. Шу билан бирга, сайловчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этар экан, олдимизда турган сиёсий жараёнда уларнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ёшларнинг сайлов жараёнидаги фаоллиги, уюшқоқлиги уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини намоён этади. Аҳолининг электорал маданиятини оширишда тарғиботнинг замонавий усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланиш, айниқса, ушбу жараёнда ёшларнинг фаоллигини таъминлаш борасида амалий чора-тадбирларни кўриш зарурлиги алоҳида эътироф этилди.
ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши