Давлат қонун устуворлигини таъминлай олса, фуқароларда дахлдорлик кучаяди
Давлат қонун устуворлигини таъминлай олса, фуқароларда дахлдорлик кучаяди

Мана, 30 йилдирки мустақиллик бизнинг энг муқаддас туйғумиз, буюк неъматимиз, энг олий қадриятимизга айланди. Ўтган йиллар давомида ҳаётимизда, онгимизда, турмушимизда, маънавий ҳаётимизда катта ўзгаришлар содир бўлди. Совет мустабид тузуми даврида Ўзбекистон ҳақ-ҳуқуқига эга бўлмаган, мустабид, қарам мамлакат эди. Бугун биз озод, эркин, демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар мамлакатга айландик. 30 йил аввал мамлакатимиз жар ёқасига келиб қолган, иқтисодиёти инқирозга учраган, бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлигига асосланган давлат эди. Бугун эса ўз тараққиёт йўлини танлаб олган, ривожланиб бораётган саноат индустриясига эга, рақобатбардош экспорт маҳсулотлари чиқариб, жаҳон бозорларида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган мамлакат. Ўз дини, тили, тарихи, миллий қадрияти-ю анъаналаридан тобора узоқлашиб бораётган, кўнгли синиқ, эртанги кунга ишончи йўқолиб бораётган халқ эдик. Айни пайтда биз, ўзбек халқи, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган мутафаккир-алломаларимиз, аждодларимиз руҳини шод этаётган, буюк уч минг йиллик давлатчилик тарихидан ҳақли равишда фахрлана оладиган кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига айланаётган мустақил давлатмиз.

Аммо тараққиёт йўлимизда ижтимоий муаммолар йўқ эмас. Айрим пайтларда муаммоларни ечиш ўрнига майда масалалар атрофида тортишиб қолаётганга ўхшаймиз. Фидоийлик барчамиздан кечаги кундан бугун кўпроқ, сифатлироқ, унумлироқ ишлашни, фикр қилишни, мушоҳадани, таҳлилни, хулоса чиқаришни, самара ва натижани кўзлаб иш юритишни талаб этади. Тўғри, инсон доимо эркинликка, хотиржамликка, жоннинг роҳатига, лаззатга мойил. Бундан барчамиз қониқиш ҳосил қиламиз. Аммо ҳаёт фақат лаззатдан иборат эмаску! Барча моддий таъминотлар, бойликлар қачондир ўз ниҳоясига етади. Шундай экан, инсондаги истеъмолчилик кайфиятини “барпо этиш”, “яратувчилик” кайфиятига алмаштириш зарур эканлигини барчамиз биламизку! Қолаверса, инсонда доимо ортиб борадиган ҳолат унинг эҳтиёжи. Қанча яхши яшасак, фаровон турмушимиз қанча бўлса, бизда унданда яхшироқ, аълороқ ҳаёт ва турмуш барпо этиш истаги туғилаверади. Бироқ, фаровон, обод ҳаёт ва турмуш фақат истак, хоҳишлар билангина пайдо бўлмайди. Унинг учун ҳаракат, курашиш, тинимсиз меҳнат қилиш лозим. Қолаверса, кечагидан бугун, бугундан эса эртага фаровон турмуш қуриш учун инсон доимо ҳаракатда бўлиши зарур.

Тан олиш лозимки, ҳаётимизда кейинги йилларда муайян муаммолар, камчиликлар, хатолар ҳам тўпланиб қолган. Бундай муаммолар ижтимоий, иқтисодий, маънавий-мафкуравий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида мавжуд бўлиб, уларни ҳал этиш жамиятимиздан катта сафарбарликни талаб этади. Давлат ташкилотлари билан халқ ўртасидаги алоқалар ҳаддан ташқари расмийлашиб кетганлиги, шунингдек, оддий инсоннинг ғам-ташвишлари, мавжуд адолатсизликлар айрим катта ва кичик амалдорлар томонидан эътиборга олинмаётганлигига ҳам жамият эътиборини қаратмоқда. Бу-бежиз эмас. Зеро, минг афсуслар бўлсинки, ҳали жамиятимизда айрим адолатсизликлар, инсон манфаатларини поймол этиш ҳолатлари учраб турибди. Энг ёмони, жамиятда коррупция кўринишлари деярли барча соҳаларда мавжудлиги кўзга ташланмоқда

Бизнингча, барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи. Зеро, ўз халқи ҳақида қайғурадиган давлат қадр топади, юксалади. Ўзининг давлат томонидан ижтимоий ҳимояланганлигини ҳис қилган шахслар мана шу давлат учун қандайдир бўлса ҳам фойда келтиришга ҳаракат қиладилар, бу фойда ўзларига бир неча карра бўлиб қайтишини англаган ҳолда, албатта. Ҳуқуматнинг асосий вазифаси аҳоли яхши турмуш кечириши учун зарур бўлган миқдорда даромад олиши мумкин бўлган иш ўринларини яратишдир. Давлат идоралари халқ учун у ёки бу ишни қилаётган, ўзларини жонкуяр кўрсатишга уринар экан, самимийлик намоён қилмаса, халқ сохтакорликни жуда яхши ҳис қилади. Фаол меҳнат фаолиятини кўз-кўз қилиш орқали ҳеч қачон яхши натижага эришиб бўлмаслигини тан олиш вақти келди, назаримизда. Давлат фуқароларнинг фаровон яшаши учун ҳаракат қилиб, барча масалаларда қонун устуворлигини таъминлай олсагина, фуқароларда ҳам ижтимоий масъулият, дахлдорлик ҳисси ортади. Содда қилиб айтганда, ҳукумат давлатчилик тамойилларига асосан ўз ваколати доирасида ҳаракат қилса, зарур ижтимоий инфратузилмани яратиб берса, фуқаролар “уйғонади”, жамият оғриқларини ўзиники деб билишни бошлайди, уни ўз вақтида бартараф этади.  Яъни кишиларга давлат томонидан кафолатланган турмуш кечириш учун шароитлар яратиб берилиши. Ўз функциясига кўра, давлат ўз фуқароларида мана шу давлат фуқароси, деган туйғуни шакллантириши ва шу йўл орқали кишиларда фуқаролик позициясини вужудга келтириши лозим бўлади. Мана шунда биз мустақил тараққиёт йўлимизда жуда катта ютуқларга эришамиз. Йиллар ўтаверади. Ҳадемай, 35 йиллик санани ҳам кўз очиб юмгунча кутиб оламиз. Ўйлайманки, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириб, уларга муносиб иш ўринларини яратиб берсак, реал даромадларини оширишга эриша олсак, давлатимизнинг қудрати ҳам юксалиб бораверади.

Ана шундай умидбахш кайфиятда халқимизни, сайловчиларимизни, электоратимиз вакилларини Энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан чин дилдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилаб қоламан.

                                                         Мақсуда Ворисова,

                                 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

                                                                     ЎзХДП фракцияси аъзоси

← Рўйхатга қайтиш