“Ёш лидерлар” ўз таклифларини билдиришди

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар Кенгашида партиядан илгари сурилаётган номзодни қўллаб-қувватлаш ҳамда номзоднинг Сайловолди дастурига ёш етакчиларнинг таклифларини олиш бўйича “Ёш лидерлар” клубининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади. Ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мамлакатимизда аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Мазкур нуқтаи назарга кўра ҳам ёшлар давлат ва жамиятнинг доимий эътиборида. Ушбу мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатиладиган номзоднинг бўлажак Президентлик сайловларидаги дастурини такомиллаштиришда ёшларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш, инобатга олиш муҳимдир.


Хабар қилинганидек, Дастур лойиҳасида тўққизта йўналишда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Йиғилиш қатнашчилари бугунги кунда ёшларни қийнаб келаётган муаммолар, айниқса, олий таълим тизимидаги, талабалик давридаги қийинчиликларни бартараф этиш, тизимли ислоҳ қилиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди. Тадбир иштирокчилари тўпланган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни яна бир бор таҳлил қилиб, муҳокама қилишди. Билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, партиянинг бўлажак номзоди Сайловолди Дастурини такомиллаштириш, унга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича вазифалар белгилаб олинади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш